"Amirsoy": Ўзбекистондаги илк тоғ-чанғи курортининг тақдимот маросими бўлиб ўтди

14 сентябрь куни Тошкент шаҳрида "Amirsoy" тоғ-чанғи курортининг тақдимот маросими бўлиб ўтди. Ўзбекистондаги биринчи тоғ-чанғи курорти тақдимотини Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов кириш сўзи билан очиб берди.


"Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлаши остида амалга оширилган "Amirsoy" лойиҳаси хорижий инвестор ва маҳаллий тузилмалар ҳамкорлигида яратилган ажойиб лойиҳа намунасидир. Улар ўз олдиларига қўйилган вазифаларни жуда яхши уддалашди", - дейди у.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, "Amirsoy" Ўзбекистонда туризмни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга.


"Қишки мавсумда туристлар оқими билан боғлиқ муаммолар мавжуд эди, ушбу лойиҳанинг амалга ошиши эса Ўзбекистонда туристик хизматларни диверсификациялаш имконини беради, яъни мамлакатимиз инфратузилмаси бутун йил давомида сайёҳларни қабул қилиш имконига эга бўлади", - дея таъкидлади Азиз Абдуҳакимов.

Шуниси диққатга сазоворки, "Amirsoy" лойиҳасининг ишга тушиши Ўзбекистонда қатор янги иш ўринларининг яратилишига ҳам сабаб бўлади.

Тадбир давомида Бош вазир ўринбосари "Чорвоқ" туристик эркин иқтисодий зонасининг биринчи иштирокчиси бўлган "Amirsoy" компанияси вакилларига махсус гувоҳномани топширди.


"Amirsoy" тоғ-чанғи курорти тўрт мавсумда хизмат кўрсатишга мўлжалланган бўлиб, унинг фаолияти халқаро сифат ва хавфсизлик стандартларига мувофиқ равишда йўлга қўйилган. Бу ерга қишда оила аъзоларингиз ва яқинларингиз билан ташриф буюриб, чанғи, сноуборд, тюбинг, чана, қорда юришга мўлжалланган автомобилларда мазза қилиб ҳордиқ чиқаришингиз мумкин. Ёзги мавсумда эса фото-турлар, вело-трекинг, зип-лайн тушиш, ёзги тюбинг, пейнтбол ўйнаш ва табиат қўйнида пик-ник уюштириш мумкин.

Курортда “2290” ва “Jigar” ресторанлари, икки хил (ўриндиқли ва гондолли) дор йўли, конвеерли кўтарилиш, кўп функционал марказ, парк-отель, тоғ чанғи трассалари ва автотураргоҳ хизматлари тақдим этилади.


Таъкидлаш жоизки, "Amirsoy" тоғ-чанғи курорти шу йилнинг 15 декабрида очилади.


Манба: Kun.uz

Copyright © 2018. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.