Кинопрокат тизимини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди


Фото: Fotolia

“Ўзбеккино” Миллий агентлигининг 2018 йил 11 сентябрдаги 210а-сонли буйруғига асосан Республикада ягона репертуар сиёсати юритилишини таъминлашга йўналтирилган кинопрокат тизимини ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Унга кўра:

кинопрокат тизимидаги барча кинотеатрларни миллий ва хорижий фильмлар билан таъминлаш марказлашган ҳолда Республика кинопрокат маркази томонидан амалга оширилади;

“Республика кинофонди” давлат унитар корхонасининг сақловида бўлган, давлат буюртмаси бўйича ишлаб чиқарилган фильмлар нусхаси Республика кинопрокат марказининг буюртмасига асосан кинопрокат тизимидаги кинотеатрларда намойиш қилиш учун бериб борилади;

кинопрокат тизимига кирувчи барча кинотеатрларда фильмлар намойишини ташкил этиш хусусий киноишлаб чиқарувчилар (студиялар) ва дистрибьютерлар билан тузиладиган шартномалар асосида Республика кинопрокат маркази томонидан амалга оширилади.

Кинопрокат тизимига кирувчи Агентлик тизимидаги кинотеатрларда Республика кинопрокат маркази билан прокат шартномалари тузилмаган
ва репертуар режага киритилмаган фильмлар намойишини амалга ошириш мумкин эмас.

Шунингдек, ушбу буйруққа асосан кинопрокат тизимидаги “Алишер Навоий номидаги киносаройи”га (Тошкент шаҳри) ва “Шарқ юлдузи кинотеатри”га (Самарқанд шаҳри), “Алишер Навоий номли кинотеатр” (Фарғона шаҳри) қарашли бўлган киноафиша стендлари ягона репертуар сиёсати юритилишини таъминлаш учун оператив бошқарув асосида Республика кинопрокат маркази ихтиёрига ўтказилади;

“Республика кинопрокат маркази” бир ой муддатда барча киноафиша стендларини замонавий электрон стендларга босқичма-босқич алмаштириш бўйича зарур чора-тадбирларни амалга оширалади;

Шу билан бирга, тизимда шаффофликни таъминлаш мақсадида кинотеатрлар оптик толали алоқа линияси орқали кинопрокат электрон тармоғига уланади ва уларда электрон киночипталарни юритиш автоматлаштирилган тизими жорий қилинади.


Манба: Kun.uz

Copyright © 2018. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.