«Аурум 898» тунги клубининг икки қўриқчиси милиция талабига бўйсунмагани учун 15 суткага қамалди

11 август куни маъмурий ишлар бўйича Юнусобод туман суди «Аурум 898» тунги клубининг икки нафар қўриқчисига нисбатан ишни кўриб чиқди.

Kun.uz манбасининг хабар беришича, 1988 йилда туғилган В.С. ва И.Ф. Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 194- (Милиция ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) ва 195-моддаларида (Милиция ходимларининг ўз хизмат бурчларини бажаришларига қаршилик кўрсатиш) кўзда тутилган ҳуқуқбузарликни содир этганликда айбланмоқда.

Уларнинг ҳар иккисига энг кам иш ҳақининг бир баробари миқдорида (184 300 сўм) жарима ва 15 суткалик маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.

Эслатиб ўтамиз, 9 августга ўтар кечаси Тошкент шаҳрининг Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган «Аурум 898» тунги клубида эркин кураш бўйича профессионал спортчи Жамшид Кенжаев ва клуб қўриқчилари ўртасида жанжал келиб чиққанди.

Кенжаев олинган оғир жароҳатлар оқибатида шифохонада жон берган. Икки қўриқчи - Ш.Ильясов ва А.Мирзаев шифохонага ётқизилган.

Жанжалда иштирок этган қўриқчиларнинг 4 нафари - Ш.Қиличев, Ж.Ёрқулов, С.Комолиддинов, А.Хамраев қўлга олинган.

Прокуратура матбуот хизмати хабар беришича, ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 97-моддаси («Қасддан одам ўлдириш») аломатлари билан иш қўзғатилган, тергов-суриштирув ишлари олиб борилмоқда.

Иш юзасидан тергов ҳаракатлари шаҳар прокуратурасининг Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бўлими томонидан олиб борилмоқда.

Айни вақтда Юнусободдаги тунги клуб вақтинчаликка ёпиб қўйилган.

Манба: Kun.uz

Copyright © 2018. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган.